МУБОРАК РАМАЗОНИ ШАРИФ БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Алҳамду лиллаҳи Роббил оламийн вассалоту вассалому аъло Муҳаммадин ашрафил мурсалин ва аъло олиҳи ва асҳобиҳи ажмаийн. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Азиз ва муҳтарам мўмин-мусулмон биродарлар! Сизларнинг барчангизни муборак ой-рўза ва Қуръон ойи, тақво ва тавба ойи, раҳмат ва шафқат ойи, мағфират ва дўзахдан озод бўлиш ойи, барака ва савоб ойи Рамазони шариф ойи кириб келиши билан чин қалбдан қутлашга ижозат бергайсиз. Ҳа, бу ой, рўзани иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутувчи ҳар бир шахсни қанчалик табрик этса шунча оз бўлган ойдир. Биз рўза тутувчи мўмин- мусулмонлар бу муқаддас ой кириши билан, Аллоҳ таоло бизларни мусулмонлар зумрасидан қилгани ила бир-биримизни табриклаймиз. Чунки дунёда мусулмон бўлишдан катта бахт йўқ. Аллоҳ таоло бизларни рўза тутадиган қилгани билан ҳам бир-биримизни табрик қиламиз. Чунки, Аллоҳнинг бу ибодатини қилишга муяссар бўлишнинг ўзи катта бахт. Ана шу бахтга эришганимиз билан бир-биримизни табрик этамиз. Худосизлардан, бошқа диндагилардан ёки муртад бўлганлардан қилмаганига шукр қилиб бир-биримизни табрик қиламиз. Қалблари иймон ихлосга тўлиқ бўлиб туриб, узрли сабаб ила, оғир касаллиги учун рўза тута олмай хижолат чекаётган дин қардошларимизга тасалли бериш билан бирга биз ҳам ана шундай ҳолга тушиб қолмаганимизга шукр қилиб бир-биримизни табриклаймиз. Оғзида, мусулмонман, деб туриб рўза тутмаётган мунофиқлардан қилмаганига шукр қилиб бир-биримизни табриклаймиз. Ҳа, муборак Рамазони шариф ойи кириши билан рўза тутувчи мусулмонлар бир-бирларини табрикламай, ким табрикласин! Чунки, бу муқаддас ой биз учун йил давомида ҳар куни қўиган беш вақт намозларимиз туфайли ҳам, бошқа ибодат ва хайри садақаларимиз туфайли ҳам кечирилмай қолган гуноҳларимизни мағфират қилишини Аллоҳ таолодан сўраб олишимиз учун бир йилда бир бор бериладиган фурсатдир. Ҳа, бу улкан фурсат фақат Рамазон ойи рўзасини тутувчи мўмин мусулмонларгагина берилади. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазон ойининг рўзасини иймон билан савоб талабида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади", деганлар. Азизлар, мен барчангизни ўша улуғ имконият ойи билан табриклайман. Исломда сочлари оқарган пирибадавлат отахонларни, муштипар-мунис онахонларни уларга умрларида тутган рўзалари қаторига яна бир Рамазон рўзаси савобини қўшиш имкони, Аллоҳ томонидан берилгани билан чин қалбдан муборакбод қиламан. Сироти мустақимда қадам ташлаб келаётган мўмин бандаларни, мўмина опа-сингилларни, аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзах оташидан озод бўлиш ойи билан табриклайман. Аллоҳ таолони ўзига Робб, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар, Исломни дин, Қуръонни ҳидоят маёғи қилиб олган ёш-йигит қизларни ўзларининг саодатли умрлари аввалида тақво ҳосил қилиш учун берилган улкан имконият-Рамазон рўзасининг тутиш бахти билан муборакбод этаман. Турли сабабларга кўра қорнини тўйғиза олмай юрган, аҳли аёлини тўйғиза олмай қийналаётганларни эса, қорни тўқлар ҳам мажбурий равишда уларнинг ҳолига тушишлари ва ниҳоят қорни очларни ҳам эслашлари, уларнинг ҳолидан хабар олишлари имкони билан ва йил давомида оч юриб, яна Рамазон рўзасини тутгани учун кўпайтириб бериладиган савоб ва Рамазони шариф туфайли келадиган хайру баракотлар билан табриклайман. Азиз ва мўътабар диндошларим. Рамазон ойи рўзаси ҳаммани, каттани ҳам, кичикни ҳам, бойни ҳам, камбағални ҳам, ҳокимни ҳам, маҳкумни ҳам, кучлини ҳам кучсизни ҳам, тўқни ҳам, очни ҳам баробарлаштирадиган ой бўлиши билан бирга уларнинг ҳаммасига ўзлигини таниб олиш учун, бандалик бурчини ҳис этиш учун берилган фурсат ҳамдир. Ҳаммамиз, бу муборак ойнинг рўзасини тутиш ила ўша бандалик бурчини тақводорликни хосил қилишга уринайлик. Ана, шундагина мақсадга эришамиз. Мен, яна бир бор барчангизни Рамазони муборак ила табриклайман. Аллоҳ таоло барчамизни, бу ойнинг хайру баракасидан унумли фойдаланишимизни насиб этган бўлсин. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Ақпарат көзі: http://info.islom.uz/content/view/1790/1015/
|